Қашқадарё газетаси Жамият 1 ФЕВРАЛДАН АМАЛДА
Жамият

1 ФЕВРАЛДАН АМАЛДА

Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар ҳақида хабардор қилиб боришда давом этамиз. Бу гал 2026 йил 1 февралдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.

Давлат раҳбарининг тегишли фармонларига асосан

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида:

«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ва Камбағал оилалар реестри негизида ягона Ижтимоий реестр юритилади. Бунда, ижтимоий реестр – «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида юритилиб, давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этиладиган оилалар (шахслар)ни аниқлаш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини баҳолаш вазифаларини бажаради;

ижтимоий реестрда оилалар ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан келиб чиқиб, «давлат таъминотидаги оила», «камбағал оила» ва «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифаларига ажратилади.

«Давлат таъминотидаги оила» тоифасига киритилган оилалар учун қуйидагиларни ўз ичига олган ижтимоий ёрдам пакети жорий этилади:

хонадонига қуввати 7-10 кВтлик қуёш панелларини ўрнатиш учун Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармасидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача миқдорда субсидия ажратилади;

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида тижорат банклари орқали 4 йилгача муддатга базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 бараваригача миқдорда тегишли мақсад ва шартларда кредит ажратилади.

Оилаларни Ижтимоий реестрга киритиш, тоифаларини белгилаш ва ундан чиқаришга доир низоларни тезкорликда ҳал этиш мақсадида туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузурида апелляция кенгаши ташкил этилади.

*  *  *

2026-2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида:

зўравонлик натижасида оиласидан олинган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилади. Бунда, зўравонлик натижасида оиласидан олинган ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар профессионал тутинган оилага    «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ва мазкур оилалар ўртасида тузилган шартнома асосида жойлаштирилади;

профессионал тутинган оилага ҳар бир жойлаштирилган болани парваришлаш учун ҳар ойда Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 2 баравари миқдорида маблағ тўлаб борилади;

профессионал тутинган оилага жойлаштирилган ҳар бир боланинг яшаш харажатлари учун Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ оилавий болалар уйи тарбияланувчиларининг яшаш харажатлари учун белгиланган миқдорларда маблағ ажратилади.

Қашқадарё, Навоий ва Хоразм вилоятларида ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида кичик ҳажмли ижтимоий кўмак марказлари фаолияти йўлга қўйилади.

*  *  *

«Ёшлар дафтари» жамғармалари орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида:

камида 3 нафар ёшларнинг бандлиги ва ижтимоий фаоллигини таъминлашга қаратилган ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш учун грант ажратиш; 6 ой давомида мунтазам спорт ва санъат тўгаракларига қатнашаётган ёшлар учун махсус спорт формаси, инвентарь ёки мусиқа ва чолғу асбобларини харид қилиш; автомототранспорт воситалари ҳайдовчилик гувоҳномасининг «А», «B», «D» ва «DE» тоифаларини олиш бўйича ўқув курси харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш; касбий ва олий таълим ташкилотлари ўқувчи-талабаларининг тўлов-контракт суммасини тўлаб бериш; ижтимоий ҳимояга муҳтож ёш оилаларга турар жой ижараси учун компенсация тўлаш; ёшларнинг тадбиркорлик, анъанавий ва замонавий касбларни эгаллаш, ахборот технологияларини ўрганиш ва хорижий тилларга ўқитиш бўйича ўқув курсларида ўқиш харажатлари учун субсидия ажратиш; ижтимоий ҳимояга муҳтож иқтидорли ёшларнинг илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги ўқув курслари учун субсидия ажратиш; ёшларнинг илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги олимпиада, танлов ва мусобақаларда қатнашиш харажатлари учун субсидия ажратиш; ёшларга таълим, маданият ва санъат, спорт, ахборот технологиялари соҳасига ва фанларни ўқитишга ихтисослашган нодавлат таълим ташкилотининг нотурар жой ижараси ёки зарур жиҳозлар билан таъминлаш харажатлари учун субсидия ажратиш; ёшлар учун сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни бепул ўташ имкониятини яратиш кўринишидаги ижтимоий ёрдам турлари индивидуал режа асосида Ижтимоий реестрга киритилган оилалардаги ёшларнинг шахсий ривожланишига қаратилган ёшлар ижтимоий шартномаси орқали таълим олишни узлуксиз равишда амалга ошириб бориш (узрли сабаблар бундан мустасно); таълим жараёнида ижобий ўзлаштириш кўрсаткичларига эришиш; волонтёрлик   фаолиятини амалга ошириш; «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида ўтказиладиган лойиҳаларда қатнашиш; илмий, илмий-оммабоп, бадиий китобларни мунтазам мутолаа қилиш; тадбиркорлик ёки ўзини ўзи банд қилиш асосида   фаолиятини йўлга қўйиш; хорижий тилларни ўзлаштириш бўйича камида B1 даражасига эришиш    шартлари асосида тақдим этилади.

Ижтимоий реестрга киритилган оилалардаги ёшларга:

 сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни бепул ўташ тартиби жорий этилади ҳамда ушбу мақсад учун субсидия ажратиш тартиби бекор қилинади.

*  *  *

Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизими самарадорлигини оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида:

«Ёшлар дафтари» жамғармасидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамлар бўйича аризаларни тақдим этиш, уларни кўриб чиқиш натижаси бўйича қарор қабул қилиш билан боғлиқ барча маъмурий тартиб-таомиллар Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Ёшлар ягона электрон платформаси орқали амалга оширилади.

Президентнинг тегишли қарорларига мувофиқ

Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида:

аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш бўйича «Китоб – маърифат манбаи» дастури амалга оширилади;

давлат органларининг китоб ва китобхонлик ҳақидаги рекламалари ижтимоий ахборот (реклама) сифатида тан олинади;

транспорт инфратузилмаси объектлари ва транспорт воситаларида (автобус, метро, самолёт, поездлар) симсиз ёки мобил интернет тармоғи орқали «Mutolaa» платформасидан фойдаланиш имкониятлари яратилади, қулайлик учун QR кодлар ўрнатилади.

*  *  *

Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида:

буюртмачилар ва ишлаб чиқарувчиларга тегишлилиги бўйича қурилиш объекти ва ишлаб чиқариш корхоналарида хавфлилиги аниқланган, ваколатли давлат органлари томонидан белгиланган тартибда муомаладан чиқаришга мажбурий кўрсатма берилган қурилиш материалларини қурилиш чиқиндиларини қайта ишлашга ихтисослашган корхоналар ёки чиқинди полигонларига шартнома доирасида юбориш мажбурияти юкланади.

*  *  *

Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси фаолиятини ташкил этиш ва туризм соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида:

чет эл фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда аввал харид қилинган товарлар учун тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш уларнинг хоҳишига кўра нақд пул шаклида амалга оширилиши мумкин.

*  *  *

Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида:

ташаббусли бюджет жараёнлари доирасида ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни аҳоли ва давлат ўртасида шериклик асосида молиялаштириш амалиёти жорий этилади;

ташаббускор аҳоли томонидан лойиҳалар қийматининг 50 фоиз қисми ихтиёрий равишда молиялаштирилган тақдирда лойиҳалар ғолиб деб топилади ва қолган 50 фоизи Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан молиялаштирилади.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига биноан

Транспорт воситаларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида:

«А» ва «B» тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олиш учун талабгорлар ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича мажбурий ўқув дастурининг назарий қисмини мустақил ўзлаштириши мумкин бўлади. Бунда, талабгорлар ўз ихтиёрига кўра назарий билимларни олиш учун ўқув курсларида (онлайн ёки офлайн шаклда) ўқийди ёхуд мустақил тайёрланади;

талабгорлар мажбурий ўқув дастурида белгиланган амалий машғулотларда автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш бўйича давлат ва нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларда тўлиқ қатнашади;

талабгорлар мажбурий ўқув дастурида белгиланган амалий машғулотларда тўлиқ қатнашгандан сўнг транспорт воситаларини бошқариш кўникмаларини баҳолашнинг ижобий натижаларига асосан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни топширади;

талабгорларнинг ҳайдовчиларни тайёрлаш ўқув дастурининг амалий машғулотлардаги ўқишни тугатгани ҳақидаги маълумотнома электрон тарзда шакллантирилади;

«А» ва «B» тоифадаги транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув гуруҳларини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида рўйхатга олиш тартиби бекор қилинади.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

Exit mobile version