Қашқадарёда жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида соҳани рақамлаштириш ва умумфойдаланишдаги жойларни кузатув камералари орқали назорат тизими билан қамраб олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида ҳудуддаги турли нуқталарда 3 минг 671 та камера, 300 та «домофон» мажмуаси ва 135 та «ташвиш тугмаси» ўрнатилиб, 4 минг 7 та объект техник қўриқловга олинган.
Вилоят прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Бектош Раҳимович Сайипов маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш юзасидан воҳа аҳлига қилган мурожаатида ана шулар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
– Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланиш ва ўзгаришлар самарадорлиги кафолати сифатида тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини тубдан яхшилаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан биридир, – дейди вилоят прокурори. – Зеро, криминоген вазият барқарорлиги ҳамда одамларнинг хавфсиз ва осойишта турмуш тарзи кафолатлангани иқтисодиётга инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, пировардида, аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим омил сифатида бўй кўрсатади.
Шундай экан, таъкидланишича, эндиликда ҳудудда турли жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ижтимоий соҳа ва жамоат ташкилотлари, «маҳалла еттилиги»нинг ҳам алоҳида масъулияти белгиланди. Шу асосда жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон берган омилларни вақтида бартараф этиш чораларини кўрмаган 44 нафар масъулнинг интизомий жавобгарлик масаласи ҳал этилди. Маҳаллаларда содир этилган 385 та олдини олиш мумкин бўлган жиноят сабаблари бирма-бир таҳлил қилиниб, тегишли прокурор таъсир чоралари қўлланилди.
Бугун вилоятда 828 та маҳалла бўлса, шундан 137 таси криминоген вазияти оғир дея таснифланган ва уларга тегишли раҳбарлар номма-ном масъул сифатида бириктирилган. Умуман, маҳаллаларда 293 та «намунавий хавфсиз кўча» ва 612 та «намунавий хавфсиз йўлак» ташкил этилиб, 672 та кўчага тунги ёритиш чироқлари ўрнатилган.
Қайд этилишича, ана шу каби кўрилган чоралар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар салмоғи 25,3 фоизга камайишига эришилди. «Қизил» тоифада бўлган 137 та маҳалланинг 129 тасида криминоген вазият барқарорлиги сақланмоқда.
– Шунга қарамай, айрим ҳудудларимизда жиноятчилик суръатининг ўсиши, муайян тоифадаги жиноятлар содир этилиши ортгани кузатилмоқда, – дейди Бектош Сайипов. – Хусусан, ўтган даврда ҳисобга қўйилган жиноятларнинг 42 фоизи замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан ғаразли мақсадда фойдаланиб амалга оширилган. Улар таҳлили шуни кўрсатдики, киберхавфсизликка таҳдидларнинг қарийб 80 фоизи зарарли мобиль иловалар ва дастурлар орқали содир этилган.
Бундан ташқари, вилоят прокурори айрим фуқаролар бепарволик қилиб, ўзларига тегишли мол-мулклар, техника воситалари, чорва моллари ёки уй атрофларини қаровсиз қолдираётгани ўғрилик жиноятлари содир этилишига имконият яратиб бераётганини таъкидлайди. Натижада йил бошидан буён 23 та хонадонга ўғри тушиши ва 11 та автотранспорт воситасидан ўғирлик қилиш жинояти содир этилган.
Оилалардаги муҳитни яхшилаш, айниқса, хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиб, уларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилаётган бир вақтда оилавий-маиший муаммолар негизида 27 та жиноят содир этилгани бу йўналишда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга ундайди. Ўтган даврда таълим ташкилотлари ва жамоат жойларида масъуллар томонидан олиб борилган профилактик (давомат, тиғ ва рейд) тадбирларда узоқ муддатга яшаш жойини ўзгартирган 273 нафар бола, мунтазам дарс қолдирувчи 1 минг 97 нафар, тарбияси оғир 2 минг 633 нафар ўқувчи аниқлангани ҳам жиддий масала. Назоратсизлик ҳамда таълим-тарбия ишидаги камчиликлар оқибатида 7 нафар ўқувчи, 82 нафар ёш томонидан жиноят содир этилгани буни яна бир бор англатиб турибди.
Ўз мурожаатида вилоят прокурори бундан кейин, вояга етмаганларга таълим ва тарбия беришда мажбуриятларини тўла бажармаган ота-оналар ҳамда уларнинг яшаш ва ўқиш жойларидаги («маҳалла еттилиги») мутасаддиларнинг жавобгарлиги янада кучайтирилишини уқтирган. Шунингдек, барчани мамлакатимизда тинч ва осойишта ҳаётни янада мустаҳкамлаш, маҳаллаларимизда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда ягона куч бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишга чақирган.
* * *
Худди шу масалада қашқадарёликларга мурожаат қилган вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Абдувохид Саломович Исмоилов ҳам ҳудуддаги маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш юзасидан амалга оширилаётган қатор муҳим ишлар ҳақида гапирди.
Жумладан, «102» қисқа рақами орқали вилоят ички ишлар бошқармаси тузилмаларига келиб тушган оила ва турмуш доирасидаги 1 минг 232 та хабар асосида хонадонларда «маҳалла еттилиги» билан ҳамкорликда ўрганишлар ўтказилган. Узоқ муддат хорижий давлатларда бўлиб қайтган 32 минг 966 нафар шахс профилактик суҳбатларга жалб этилиб, 21 минг 777 нафарининг оилавий аҳволи таҳлил қилинган. Спиртли ичимликлар ва гиёҳвандлик воситаларига қарам бўлиб қолган 1 минг 475 нафар шахс тиббий кўрикдан ўтказилган. Пробация назоратидаги шахсларнинг суд томонидан белгиланган тақиқлар (чекловлар)га риоя этиши устидан 4 минг 129 маротаба текшириш ишлари олиб борилиб, аниқланган чекловларни бузиш ҳолатлари юзасидан 49 кишининг ўтаётган жазо чораси оғирроғига алмаштирилган. Одамлар фирибгарлик жинояти қурбонига айланишининг олдини олиш мақсадида маҳаллаларда адлия органлари билан ҳамкорликда 3 минг 253 маротаба профилактик тадбирлар ўтказилган. Хотин-қизларга тазйиқ қилган ва уларга нисбатан зўравонлик содир этган 1 минг 771 нафар шахс билан профилактик ишлар олиб борилиб, улардан жабрланган 1 минг 701 нафар аёлга ҳимоя ордерлари берилган. Уюшмаган ёшлар ҳамда вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида кафе, бар, караоке ва тунги компьютер клублари, кўнгилочар масканлар ва бошқа жойларда 196 маротаба тунги рейд тадбирлари амалга оширилган. Ҳуқуқбузарлик содир этган ёки содир этишга мойиллиги бор вояга етмаганларнинг 2 минг 180 нафари ота-оналари билан профилактик суҳбатлар ўтказилган. Уюшмаган ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида 302 маротаба кўчама-кўча тадбир ва лойиҳалар, танловлар, мусобақалар ташкил этилган. Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тегишли нуқталарга ақлли светофорлар ва қоидабузарликларни қайд этишга мўлжалланган 19 та замонавий техник воситалар ва йўл ёқасида жойлашган мактаблар олдида 25 та қавариқ пиёдалар ўтиш жойлари ҳамда сунъий нотекисликлар ташкил қилинган. 5 та пиёдалар ўтиш жойи тугмачали светофорлар билан жиҳозланган.
- Таъкидланишича, ана шу каби саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилнинг биринчи чорагида 793 та маҳаллада (95,8 фоиз) криминоген вазият барқарорлиги таъминланди. Шундан 671 тасида жиноятлар содир этилишига йўл қўйилмаган бўлса, 122 тасида жиноятлар сони камайишига эришилди. Содир этилган жиноятлар сони ошган (35 та) «қизил» тоифадаги маҳаллалар салмоғи ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 40 фоизга камайди.
– Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида содир этилган жами йўл-транспорт ҳодисаларининг 52 фоизи одамлар ўлими билан якун топган, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи. – Бу фақатгина статистик рақамлар эмас, балки инсон тақдири, оила фожиаси, жабрланганларнинг яқинлари умр бўйи унутмайдиган бахтсиз ҳодисадир. Шундай экан, ҳар биримиз йўл қоидаларига амал қилсак, автомобилни эҳтиёткорлик билан бошқарсак, белгиланган чеклашларга риоя этсак, пиёда сифатида ҳам йўл ҳаракати маданиятини унутмасак, нафақат ўз ҳаётимизга, балки атрофдагиларга ҳам хавф туғилишига йўл қўймаган бўламиз.
Абдувохид Исмоилов барчани ўзаро илиқ муносабатда бўлишга, бир-бирларини ўзбек миллатининг қадим қадриятларига монанд эъзозлашга, фарзандлар тарбиясига масъулият билан қараб, уларнинг келажакда янги Ўзбекистоннинг ҳақиқий ватанга садоқатли фарзандлари қилиб тарбиялаш учун давлатимизда яратилган кенг имкониятлардан унумли фойдаланишга чақирган.
Шунингдек, айтилган фактлардан тўғри хулоса чиқариб, ҳамжиҳатликда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилсак, воҳамизни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантира олишимизга ишонч билдирган ҳамда бунинг учун етарлича имконият ва салоҳият борлигини уқтирган.