Қашқадарё газетаси Маънавият 2030 йилгача китобхон миллатлар қаторидан жой оламизми?
Маънавият

2030 йилгача китобхон миллатлар қаторидан жой оламизми?

Қарор моҳияти

Китоб ўқийдиганлар ва асар ёзадиганлар учун зўр қарор чиқди: шу йилнинг 15 январида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.

Биласиз, давлат раҳбари томонидан китоб мутолааси муҳимлиги, ёшлар ва раҳбарлар орасида буни кенг тарғиб қилиш лозимлиги кўп маротаба таъкидланган. Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг биттаси айнан китобхонликка қаратилгани эътиборга молик. 2025 йил 26 декабрь куни Президентнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида ҳам китобхонликнинг аҳамияти ҳақида айтилди.

Янги қарорга мувофиқ, қуйидаги хайрли ишларга қўл урилади:

1. «Китоб – маърифат манбаи» дастури доирасида аҳоли ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш ва йилига ўртача 10 та китоб ўқиш мақсади жорий этилади (2026 йилдан);

2. «Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси» ташкил этилади;

3. Ёшлар ишлари агентлигига китобларни таржима қилиш, нашрга тайёрлаш ва чоп этиш харажатлари учун ҳар йили ажратиладиган маблағ миқдори 20 миллиардга етказилади;

4. «Жадидлар изидан» китобхонлик клуби лойиҳаси асосида мактаб ўқувчилари йилига камида 20 та китоб ўқиши таъминланади, энг фаол клуб аъзолари тақдирланади;

5. Танлов орқали истеъдодли муаллифларни аниқлаш ва уларга ижод қилиш учун шароит яратиш мақсадида бир йилгача БҲМнинг 50 баравари (20 миллион 600 минг сўм) миқдорида ҳақ тўланади;

6. Энг сара хорижий адабиётларни ўзбек тилига ва миллий адабиётларни хорижий тилларга таржима қилиш, нашрга тайёрлаш ва чоп этиш харажатларининг 50 фоизи ҳамда муаллифлик ҳуқуқи учун харажатларнинг 80 фоизи жамғарма томонидан қопланади;

7. Китобхонлик рейтинги шакллантирилади;

8. «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)» мақомини олган ҳудудларда 330 та маҳалла кутубхонаси ташкил қилинади;

9. Топ 100 китобхон дастури доирасида ўқувчи ва талабалар орасида энг кўп китоб ўқиганлар тақдирланади, ҳар бирига БҲМнинг 25 баравари миқдорида (10 миллион 300 минг сўм) пул мукофоти берилади (2026 йилдан);

10. «Мутолаа» лойиҳаси орқали жамоат транспорти ва инфратузилма объектларида электрон ва аудиокитоблардан бепул фойдаланиш имконияти яратилади.

11. Вазирлик ва идораларда касбий фаолиятга оид адабиётлар рўйхати шакллантирилади,  «Китоб бурчаги» ташкил этилиб, ҳар ойда «Китоб ўқиш соати» йўлга қўйилади, бунда энг кўп китоб ўқиган ходимга бир ойлик иш ҳақи миқдорида пул мукофоти берилади (2026 йилдан).

Китобхонликка қаратилаётган юксак эътибор бежиз эмас албатта. «Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса аввало инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти – китоб ва кутубхоналарда», деган эди Шавкат Мирзиёев.

Дарҳақиқат, ривожланган давлатлар аҳолиси кўп китоб ўқиши билан ажралиб туради. «World Population Review» маълумотларига кўра, ўтган йили АҚШ, Ҳиндистон, Буюк Британия, Франция ва Италия энг кўп китоб ўқиш бўйича кучли бешликдан жой олган. Ўртача ҳисобда бир йилда 1 нафар америкалик 17 та, ҳинд 16 та, британиялик 15 та, француз 14 та, бир нафар итальян 13 та китобни ўқиб тугатади.

Демак, 2030 йилгача ҳар бир ўзбекистонлик йилига ўртача 10 та китоб ўқишига эришсак, биз ҳам юқори поғоналарда қайд этиламиз. Бунинг учун эса яхши китоблар нашри кўпайиши, кутубхоналар фонди бой бўлиши зарур.

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда ҳар йили 11 минг номдаги китоблар 40 миллион нусхада нашр қилинмоқда. Бу бир қарашда кўпдек. Аммо аҳоли сонидан келиб чиқсак, қолаверса, бошқа давлатлар билан солиштирсак, аҳвол у қадар мақтанарли эмаслиги ойдинлашади.

Мисол учун, бизда йилига 11 минг номда китоб чоп этилса, Америка Қўшма Штатларида бу рақам 275 минг 232 тани ташкил этади. Америка китоб саноати янги нашрлар ҳамда қайта чоп этилган китоблар орқали йилига 30 миллиард АҚШ долларидан ортиқ даромад кўради.

Хитойда йилига 200 мингдан зиёд номда, Буюк Британияда 188 минг номда 200 миллион нусхада босма китоблар чоп этилади. Японияда ҳар йили 139 минг номда янги китоб чиқса, Индонезияда 135 мингдан ортиқ номда янги китоб чоп этилиб, бунинг учун ўртача 1,5 миллиард АҚШ доллари йўналтирилади. Индонезияда ҳар бир китоб ўртача 4 минг нусхада чиқишини ҳисобга олсак, умумий тираж йилига 500 миллиондан ошиб кетади.

Россия нашриёт саноати 2-3 миллиард АҚШ доллари миқдорида баҳоланиб, ҳар йили тахминан 115 минг номда янги китоб чиқади.  Францияда ҳар йили 106 минг 800 номдаги китоблар ўқувчилар қўлига етиб боради. Германияда ҳар йили 71 минг 500 номдаги янги ва қайта нашр қилинган китоб чиқади, улардан 8 мингдан зиёди немис тилидан бошқа тиллардаги китоблардир.

Кўриниб турибдики, қатор давлатлар китоб  нашрини мамлакатнинг етакчи маданий саноати деб ҳисоблайди. Гарчи ижтимоий тармоқлар, электрон китоблар оммалашган бўлишига қарамай, ривожланган давлатлар аҳолиси босма китоблар мутолаасини маъқул кўриши бор гап.

Бинобарин, миллатни саводхон, мамлакатни мутараққий давлатлар қаторида кўришни истар эканмиз, китоблар нашрига ҳар қанча маблағ сарфласак арзийди.

Яна бир маълумот. Бугунги кунда Қашқадарё вилоятида мавжуд ахборот-кутубхона марказларидаги адабиётларнинг умумий сони 700 мингга етмайди ва уларнинг ҳам аксарияти   50-60 йил аввал нашр қилинган, айримлари бугунги кун руҳига мос келмайдиган китоблардир. Дунё стандартига кўра, бир кишига 7 та китоб тўғри келиши керак, бизда мавжуд кутубхоналардаги китоблар сони бир кишига 0,2 тани ташкил қилади, холос. Демак, кутубхоналар фондини янги ва замонавий китоблар билан бойитиш фурсати ҳам келди.

Қарорда кўзда тутилган лойиҳалар самарали бажарилса, китобхон миллатлар қаторидан жой олишга эришамиз. Қолганини вақт кўрсатади.

Б.САЙФИЕВ

Exit mobile version