Қашқадарё газетаси Олам 6G – девор ортидаги одамнинг юрак уришини ўлчай олади
Олам

6G – девор ортидаги одамнинг юрак уришини ўлчай олади

Олтинчи авлод мобил алоқа технологияси (6G) девор ортида турган одамни аниқлаш, шунингдек, унинг нафас олиши ва юрак уришини ўлчай олиш қудратига эга бўлади. Бу ҳақда Heute нашри ёзган.

Таърифларга кўра, бундай имкониятни маълумот узатиш ва радиолокация вазифаларини бирлаштирувчи ISAC (Integrated Sensing and Communication) технологияси таъминлайди. 6G алоқани қўллаб-қувватловчи антенна ва қурилмалар ушбу технология асосида бир вақтнинг ўзида ҳам мулоқотни таъминлайди, ҳам объектларнинг масофаси, тезлиги ва ҳаракат хусусиятларини аниқлай олади.

Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш соҳаси мутахассисларининг огоҳлантиришича, бундай тизим сигнал таъсир доирасида бўлган барча одамларни, улар мобил қурилмадан фойдаланиши ёки йўқлигидан қатъи назар, қайд этиш хусусиятига эга бўлади. Маълумотларни бу тарзда йиғиш учун эса ҳар бир шахснинг розилигини олиш амалда деярли мумкин эмас.

Кейинги ойда Германиянинг Дрезден шаҳрида 6G стандартини ишлаб чиқиш бўйича халқаро мутахассислар йиғини бўлиб ўтиши белгиланган. Немислар мазкур технологияни ривожлантиришга ҳозирга қадар қарийб 700 миллион евро сармоя киритган. Олтинчи авлод мобил тармоқларини тижорат мақсадида ишга тушириш эса тахминан 2030 йилга мўлжалланмоқда.

Exit mobile version