Ҳар тонгни шукроналик билан қаршилаймиз. Негаки, турмушимиз фаровон, мамлакатимиз тараққиёти илдам. Юртдошларимиз ўй-хаёли ширин ташвишлар билан банд, қалби яратувчанлик ишқи билан лиммо-лим. Бу, шубҳасиз, ҳурлик, имконият ва ёрқин келажакни ҳадя этган Мустақиллигимиз шарофатидир.
Жорий йил 10 июлда Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Унга асосан энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрами улуғланиб, «Ватан учун, миллат учун, халқ учун!» деган эзгу ғояни мужассамлаштирган ҳолда нишонланиши белгилаб олинди.
Дарҳақиқат, бугун бизга байрамлар татийди, юртимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш, Ватанимизни ҳар томонлама ривожлантириш, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараён соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам жадаллик билан кечаётир. Тиббиёти ривожланган давлатлардаги каби энг илғор инновацион тараққиётга эришиш борасида жиддий қадамлар ташланмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда тиббий хизматни янада юксалтиришга дахлдор хайрли ташаббуслар соғлиқни сақлаш истиқболини белгилаб берди.
Мана, биргина Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиалини олайлик. Вилоятда кардиология соҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилган тизимли ишлардан сўнг охирги 6-7 йил ичида воҳа мазкур йўналишда ўз мактабини яратишга улгурди. Филиалда 2025 йилнинг дастлабки ярим йилида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ва қўлга киритилган ютуқлар мамлакатимизда тиббиёт соҳасини юксалтириш борасидаги ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини яна бир бор тасдиқлади.
Стационар ва амбулатор хизматларда барқарор ўсиш
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида филиалда 4153 нафар бемор стационар шароитда даволанди. Демак, бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 15 фоизга ошди. Шу билан бирга, амбулатор хизматлар соҳасида ҳам катта ўсиш кузатилди – 21 минг 12 нафар беморга (30 минг 658 қатнов) амбулатор хизмат кўрсатилди, бу эса ўтган йилга нисбатан 25 фоизлик ўсиш бўлганини кўрсатади.
Бундан кўринадики, филиалда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва қамрови кенгайиб бормоқда. Шунингдек, маҳаллий аҳолининг республиканинг бошқа ҳудудларига даволаниш мақсадида қатнови камайиб, маҳаллий шифокорларга бўлган ишончи ортиб бораяпти.
Юқори технологик амалиётларда сифат устувор
2025 йилнинг дастлабки 6 ойи мобайнида филиалда 1645 та юқори технологик кардиожарроҳлик амалиёти амалга оширилди. Жумладан, 1453 та ёпиқ турдаги амалиёт, 192 та очиқ юрак жарроҳлиги амалиёти муваффақиятли бажарилди. Таҳлиллар амалга оширилган амалиётлар турлари ва уларнинг мураккаблик даражаси юқори эканини кўрсатади, эътиборли жиҳати, сунъий қон айлантириш ускунаси ёрдамида бажарилган амалиётлар сони ўтган йилга нисбатан 4 баробарга кўпайган.
Кўзда тутилаётган даврда филиалда аввал қўлланилмаган қатор юқори технологик ва замонавий кардиологик даволаш усуллари амалиётга татбиқ этилди. Жумладан, CRT-D имплантацияси (кардио ресинхронизация терапияси), ICD имплантацияси (кардиовертер-дефибриллятор), аортага стент-графт имплантация. Бу каби инновацион усуллар оғир ва ҳаёт учун хавфли юрак хасталикларини бартараф этишда катта аҳамият касб этади.
Давлат тиббиёт суғуртаси фонди дастурлари ҳиссаси – халқ манфаати йўлида хизмат
Давлат тиббиёт суғуртаси фонди маблағлари ҳисобидан жорий йилнинг дастлабки ярим йилида 225 нафар беморда юқори технологик амалиётлар ўтказилди. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 47 фоизга кўп. Шу жумладан, 147 нафар беморда очиқ юрак жарроҳлиги, 78 нафар беморда ёпиқ турдаги амалиётлар амалга оширилди.
Бу кўрсаткичлар давлат томонидан аҳоли саломатлиги учун ажратилаётган маблағлар самарали ишлатилаётгани ва амалий натижага эга эканини кўрсатади. Қолаверса, аҳоли ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ва тиббий ёрдамни кенг оммага етказишда муҳим омил бўлмоқда.
Хорижлик мутахассислар иштирокидаги маҳорат дарслари
Тиббиёт ходимларининг халқ саломатлигини таъминлашдек эзгу мақсад йўлидаги саъй-ҳаракатлари, туну кун эл ғамида меҳнат қилиши эвазига шифокорлик касби бугун ўзининг юксак мақомига эришди. Аҳолининг унга ишончи, меҳри ва ҳурмати ортди. Ўз ўрнида тиббиёт тизими ходимлари ҳам изланиш, тажриба ва маҳорат орттиришда замон билан ҳамнафас одимлаб бормоқда.
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиали доимий равишда хорижий мутахассислар билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Жорий йилнинг дастлабки 6 ойида 4 маротаба уларнинг ташрифи уюштирилиб, 19 та маҳорат дарси ўтказилди. Чет эллик мутахассислар томонидан амалга оширилган мазкур амалий машғулотлар маҳаллий шифокорлар малакасини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Кечиктириб бўлмайдиган малакали тиббий ёрдам
Таъкидлаш лозимки, филиалда кадрлар салоҳиятини ошириш, жаҳондаги илғор даволаш-диагностика усуллари, кам инвазив муолажа турларини амалиётга жорий қилиш доимо диққат марказида турибди. Давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда малакали тиббий ёрдамни шошилинч кўрсатиш мақсадида жорий йилнинг ўтган даври давомида 54 маротаба телемедицина алоқалари амалга оширилиб, 137 нафар оғир аҳволдаги беморга масофадан туриб тезкор ёрдам кўрсатилди.
Бизда шифо истаб, нажот сўраб, нафақат қашқадарёликлар, балки қўшни вилоятлар ва республикалардан ҳам беморлар келиб, дардларига даво топиб кетишмоқда. Бу натижа филиалда ишлар яхши йўлга қўйилгани ва моҳир шифокорлар ажойиб ютуқларга эришаётганларидан далолат беради.
Бугун бу ердаги мутахассисларнинг аксарияти ёшларни ташкил этаётгани аҳамиятли. Муҳими, улар ўз тажрибаларини кундан-кунга ошириб бормоқда. Натижада Қашқадарё тиббиёти тараққий этиб, аввал даволаниши учун вилоятдан пойтахтга юборишга тўғри келган беморлар энди бизнинг маҳаллий шифокорларимиз томонидан филиалда даво топаётганини мамнуният билан эътироф этиш жоиз.
Сайёр тиббий кўриклар: аҳоли саломатлиги профилактикаси
2025 йилнинг дастлабки ярим йилида вилоятнинг барча туманларида 68 маротаба сайёр тиббий кўрик ўтказилиб, уларда 3788 нафар бемор қамраб олинди. Жараёнда 3607 нафар беморга амбулатор даволаниш тавсия этилди, қолган беморлар эса республика, вилоят ва туман даражасидаги шифохоналарга йўналтирилди.
Сайёр тиббий кўриклар сони ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 41фоизга ошиб, бунда май ойида ўтказилган «Саломатлик ойлиги» муҳим омил бўлди.
Янгилик: филиал ISO 9001:2015 сертификатига эга бўлди
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиали ўз фаолиятида халқаро сифат стандартларини жорий этиш ва амалда татбиқ қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари натижасида халқаро сифат менежменти тизимининг асосий мезони бўлиб хизмат қилувчи ISO 9001:2015 сертификатини олди. Бу халқаро стандартларга жавоб берувчи ташкилот ёки компанияларга бериладиган ҳужжат бўлиб, маҳсулот, хизмат ёки бошқарув тизимларининг сифат, хавфсизлик ёки бошқа соҳаларда белгиланган талабларига мос келишини тасдиқлайди.
Юртимизда юрак-қон томир касалликларини эрта аниқлаш ва самарали даволаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар доирасида яна бир муҳим янгилик қайд этилди. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиали томонидан Intravascular Ultrasound (IVUS), яъни томир ичида ультратовуш текшируви ускунаси харид қилиниб, ҳозирда ташкилий ва техник синовлардан ўтказилмоқда ҳамда тез кунларда амалиётга жорий этилиши кутилмоқда.
IVUS бу – Ўзбекистон бўйича саноқли тиббиёт муассасаларидагина мавжуд бўлган, Қашқадарё вилояти миқёсида эса ҳозирги кунда илк ва ягона диагностика технологиясидир. У орқали юрак томирларининг ҳолати жонли равишда томир ичидаги тасвирлар асосида баҳоланади. Бу диагностика тури шифокорларга аниқ қарор қабул қилиш, амалиёт жараёнида стентлаш сифати ва хавфсизлигини таъминлаш имконини беради.
Бизда клиник ординатура очилади
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиалида илмий ва таълимий салоҳиятни ривожлантириш йўлида яна бир муҳим қадам қўйилди – 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб бу ерда клиник ординатура фаолияти йўлга қўйилади.
Ҳозирда кардиология мутахассислиги бўйича ординатурада ўқишни истаган талабгорлар саралаш босқичидан ўтмоқда. Бу ташаббус нафақат ҳудуддаги, балки қўшни вилоятларда ҳам юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш, илғор шифокорларни маҳаллий базада тайёрлаш, шу орқали юрак хасталикларига қарши курашиш салоҳиятини янада кучайтиришни назарда тутган. Муҳими, филиал мисолида Қаршида кардиология соҳасидаги замонавий диагностика ва таълим бирлашмоқда.
Яшин АХМАТОВ,
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиали директори