Коронавирусдан кейинги синдромга чалинган одамлар қонидан доимий чарчоқ, диққатнинг бузилиши ва нафас олишдаги муаммоларга алоқадор ғайритабиий ёпишқоқ микротромблар топилди. Бу борада олиб борилган тадқиқот натижаларини Journal of Medical Virology журнали эълон қилган.
Олимлар ушбу микротромблар NET тузилмалари – иммун ҳужайралари патогенларни ишғол қилиш учун ажратадиган ДНК ва ферментлар тармоғи билан зич бирикув ҳосил қилишини аниқлашган. Бундай комплекслар коронавирусдан кейинги беморларда соғлом одамларга нисбатан қарийб 20 марта кўпроқ учрайди.
Батафсил таҳлиллар микротромблар айтилган беморларда каттароқ, зичроқ ва парчаланиши қийинлигини кўрсатган. Бу эса майда томирчалардаги қон оқими маромини бузиши ва организмда давомий яллиғланишни келтириб чиқариши мумкин. Коронавирусдан кейинги синдромнинг доимий когнитив ва жисмоний белгилари асосида шундай жараён ётган бўлиши эҳтимол.
Олимлар микротромблар ва NET тузилмалар бирикуви коронавирусдан кейинги синдромнинг биринчи объектив биомаркери бўлиши ҳамда янги ташхислаш ва даволаш усулларини ишлаб чиқишга ёрдам бериши мумкинлигини тахмин қилмоқда.