Буюк Британия ҳукумати бутун мамлакат бўйлаб эксплуатацияда бўлган юзлаб Хитойда ишлаб чиқарилган электробусларни масофадан туриб ўчириб қўйиш имкониятларини ўрганмоқда. Бу ҳақда Financial Times хабар берган.
Текширувга Норвегияда ўтказилган ўрганишлар натижасида мутахассислар Yutong компанияси ўз брендига тегишли автобусларни масофадан туриб тўхтатиб қўйиши ёки ишдан чиқариши мумкин, деган хулосага келишгани туртки бўлган. Айни вақтда қиролликда, асосан Ноттингем, Жанубий Уэльс ва Глазго ҳудудларида ушбу ишлаб чиқарувчининг етти юзга яқин электробуслари ҳаракатланади.
Мамлакат Транспорт вазирлиги Миллий киберхавфсизлик маркази билан ҳамкорликда текширув ўтказилаётганини тасдиқлаган. Yutong компанияси эса масофадан кириш имкониятидан фақат техник хизмат кўрсатиш ва транспорт воситаси ишини мувофиқлаштириш учун фойдаланилишини маълум қилган.
Норвегиядаги Ruter транспорт компанияси ўтказган синов натижалари Yutong масофадан туриб автобуснинг бошқарув, жумладан, мантиқан ишлаб чиқарувчига транспортни тўхтатиб қўйиш имконини берадиган аккумулятор ва электр таъминоти тизимига кириш имкониятига эгалигини кўрсатган.